Бухорода имконияти чекланганлар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда жисмоний имконияти чекланганлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Бухоро шаҳрида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати ташкил этилди.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон кўзи ожизлар спорт федерациясининг тақвим режасидан ўрин олган мазкур мусобақа 2002, 2006-2007, 2010-2011 ҳамда ундан кичик ёшдаги кўриш имконияти чекланган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилди.

Мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидан жами 54 нафар спортчи ғолиблик учун дона суришди. Ҳар бир жамоа таркибига 6 нафар иштирокчи, яъни уч нафар ўғил бола ва худди шунча қизлар киритилган эди.

Олти кун давом этган чемпионат қизғин баҳсларга бой кечди ва юқори савияда ўтди.

Мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида фахрли 1 ўрин Самарқанд вилояти жамоасига насиб этди. 2-ўринни мезбонлар – Бухоро вилояти жамоаси эгаллаган бўлса, 3-ўрин Фарғона вилояти спортчиларига насиб этди. 

08.06.2021