Ўрганишлар давомида ушбу маҳаллада яшовчи, 1950 йилда туғилган Тожихон ая Холмирзаеванинг ҳолидан хабар олиниб, у билан дилдан суҳбат қурилди. Тожихон ая айни вақтда инсульт касаллигига чалинганлиги ҳамда боқувчиси йўқлиги сабабли “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган. У ҳозирга қадар бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, тиббий ордер орқали мунтазам даволаниб келмоқда. Маҳалла ходимлари ва ҳомийлар томонидан доимий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келинади.
Ташриф давомида унга ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Ишчи гуруҳ навбатдаги манзил сифатида тумандаги “Қўрғонча” маҳалласида яшовчи, турмушидан ажрашган, “Аёллар дафтари”га киритилган Эъзозахон Қўчқорова билан учрашди. Унинг имтиёзли кредит асосида ўз тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истаги борлиги аниқланиб, унга 25 млн 500 минг сўм имтиёзли кредит олишга кўмаклашилди.
Э.Қўчқорова айни вақтга қадар ўз хонадонида 10 нафар иш ўрнига эга тикув цехи ташкил этган бўлиб, бу ерда болалар трикотаж буюмлари, аёллар кийимлари, замонавий пардалар тикиш йўлга қўйилган.
Вазирнинг биринчи ўринбосари ташриф давомида туманнинг “Қияли” маҳалласи ҳудудида оғир ижтимоий вазиятдаги, фарзандини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, боқувчисини йўқотган 6 нафар уй-жойга муҳтож аёллар учун барпо этилган ва барча қулайликларга эга уй-жойларни кўздан кечирди ва бу манзилда истиқомат қилаётган хотин-қизлар билан мулоқот қилди.
Хусусан, тумандаги “Авесто” маҳалласида яшовчи Ш.Хаитова, “Истиқлол” маҳалласида яшовчи Н.Собирова, “Тўда” маҳалласида яшовчи З. Одилова, “Омонариқ” маҳалласида яшовчи С. Саттарова, “Шўр” маҳалласида яшовчи Г.Вахобова ҳамда М. Полвоноваларнинг хонадонларида яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида “Аёллар дафтари”га киритилган кўплаб хотин-қизларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Оила ва махалла вазирлиги
21.05.2021