Она-Ватан осойишталиги йўлида ўз жонини гаровга қўйиб бўлса-да, жонажон халқининг тинч ва фаровон яшаши учун ўзга юртларда қўлига қурол олиб, душман билан қаҳрамонларча курашган мард ва жасур инсонларни қанчалик қадрласак, бунга муносибдир.

Чунки, бундай инсонлардан куч-қувват олиб, улар каби матонатли, шижоатли ва довюрак бўлишга интилиб яшаймиз.Ана шундай қаҳрамонлардан бири Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ёнғин хавфсизлиги фахрийси, 96 ёшли истеъфодаги подполковник Абдувоҳид Абидовдир. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдулла Хамидуллаевич Қўлдошев ва бир қатор вазирлик ходимлари билан биргаликда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийси Абдувоҳид ота Абидов ҳолидан хабар олдилар.Ўн саккиз ёшида душманга қарши жангга кирган А.Абидов узоқ йиллик жангу жадаллардан сўнг, яна тўрт йил армия сафида хизмат қилди.

Ўз юртига қайтиб келгач, ҳеч иккиланмасдан хизматни давом эттирди. Дастлабки фаолиятини пойтахтимизнинг ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани ЁХБда ўт ўчирувчиликдан бошлайди. Кейинчалик, ўз касбига бўлган қизиқиш ва иштиёқ туфайли хизмат пиллапояларидан кўтарила бориб, ИИВ ЁХББда инспекторликдан бўлим бошлиқлигигача бўлган ё‘лни босиб ўтади. Шу сабабли ўзининг ҳалол меҳнати билан элнинг назарига тушади. Шунингдек, у хизматга келган ёш ходимларга  устозлик қилиб, соҳа сир-асрорларини уларга мукаммал ўргатади.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-маёр Абдулла Қўлдошевга айниқса устознинг меҳри бўлакча эди.Оилада ҳам ўз ўрнига эга бўлган бу инсон турмуш ўртоғи Муқаддам ая билан уч ўғил ва уч қизни тарбиялаб вояга етказади.Бугунги кунда Абдувоҳид Абидовнинг икки набираси — Иброҳим ва Суннатилла Абидовлар ёнғин хавфсизлиги хизматида фаолият юритиб, бобоси ва отасининг касбини давом эттириб келмоқда. Отахоннинг эътиборга молик хислати шундаки, у нафақат оиласи, балки, маҳалланинг ҳам барча аъзоларига маслаҳат беришни канда қилмайди. Бундан ташқари, туман ФВВ бўлиб ўтадиган тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб, ўзининг соҳага оид бўлган қимматли фикрларини ўртоқлашишдан чарчамайди.

Шу сабабли, Вазирлик  раҳбарияти ва фахрийлар кенгаши­ бу инсонни доимо қўллаб-қувватлаб, унга моддий ва маънавий томондан кўмак бериб келаётир. – Мен ўзимга ва бошқа фахрийларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорман – дейди,  Абдувоҳид Абидов. – Бу ҳам бўлса, юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликнинг ёрқин нишонасидир.Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларни хотирлаш, ҳаёт бўлганларини эса қадрлаш, табаррук отахону онахонларимизга иззат-икром кўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Ана шундагина аждодларимизга бўлган эҳтиром туй­ғу­си халқимиз қалбида абадий яшайди.

Ўзбекистон Республикаси
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

07.05.2021