Улардан бири Олтинкўл тумани Олтинкўл қишлоғида яшовчи Хўжамберди ота Турғуновдир.
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари М.Нишонов, Олтинкўл тумани ҳокими, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Хўжамберди ота хонадонида бўлиб, Президентимизнинг уруш фахрийларига йўллаган байрам табриги, пул мукофоти ва эсдалик совғаларни топширди.
Кўксини турли ордену медаллар безаб турган Хўжамберди ота Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам немис-фашист босқинчиларига, ҳам япон милитаристларига қарши жангларда қатнашиб, мардлик, жасорат намуналарини кўрсатган ўзбек ўғлонларидан бири бўлган.
Моҳир мерган(снайпер) сифатида уруш ҳаракатларида қатнашган Хўжамберди Турғунов жангларда кўплаб душманни ер тишлатган. У Россия, Украина, Белорус, Полша, Эстония давлатларининг қишлоқ ва шаҳарларини душмандан озод этишда иштирок этган. Жангларда 11 бор яраланган. Ҳар гал даволаниб, соғайиши билан янада фронтга қайтган.
Хўжамберди ота учун 9 май санаси қўшалоқ байрам. Шу куни у Ғалаба байрами билан бирга таваллуд кунини ҳам нишонлайди. Суронли уруш йиллари отанинг нафақат қалбида, балки жисмида ҳам ўчмас изларини қолдирган, бир оёғидан ажраган.
Ғалабани Берлинда нишонлаб, сўнг япон урушида қатнашиб, узоқ Шарқдан ҳам зафар билан она юртга қайтиш мўъжизадан ўзга нарса эмас.
Жангларда кўрсатган жасорати учун Хўжамберди Турғунов кўплаб орден ва медаллар билан мукофотланган. Ота урушдан кейин узоқ йиллар юртимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилди, ўғил-қизларни тарбиялаб камолга етказди.
Бугун фарзанд ва набиралари, эл-юрт ардоғида яшаб, юртимиз тинчлиги, тўкин ва фаровон ҳаётимиз учун дуо қилиб яшаётган, умр йўллари ёш авлод учун ибрат намунаси бўлган Хўжамберди ота сингари пиру бадавлат отахонларимиз омон бўлсин.
ЎзА
06.05.2021