Шу йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омборида юз берган ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ва тошқиндан жабрланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ишлари умумхалқ ҳаракатига айланди. Адлия вазирлиги ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Президент Халқ қабулхонаси кўмагида “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси эълон қилинди.
Бир неча кун ичида Тошкент шаҳрида ташкил этилган қабул пунктида фаол фуқаролар, тадбиркорлар ва халқаро ташкилотлар вакилларидан озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, идиш-товоқ, болалар ўйинчоқлари ва бошқа кундалик зарурий буюмлар тўпланди.
Қарийб 20 та юк машинасидан иборат инсонпарварлик карвони
“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акцияси доирасида шу вақтга қадар Сирдарё вилоятининг тошқиндан зиён кўрган туманларига инсонпарварлик ёрдами ортилган қарийб 20 та юк машинаси, уларнинг иккитаси Бухоро вилоятидан, биттаси Самарқанд ва яна биттаси Навоий вилоятларидан жўнатилди. 10 дан ортиқ юк машинаси ортилган биринчи гуманитар карвон 5 май куни (акция эълон қилинганидан 3 кун ўтиб) манзилга етиб борди. Карантин шароитига қарамай, ташкилотчилар хайрияларни ўз эгаларига топшириш мақсадида Сирдарё вилоятига шахсан ўзлари боришди.
Ушбу гуманитар юкнинг бир қисми жабрланган оилалар жойлаштирилган Гулистон шаҳридаги Юридик коллежи (400 фуқаро) ва ихтисослаштирилган санъат мактаби (300 фуқаро)га, иккинчи қисми эса Оқолтин тумани (150 фуқаро)га етказилди. Сирдарёликларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийимлар ва гигиена воситалари тақдим этилди.
Таъкидлаш керак, талофатнинг дастлабки кунларида ўз ҳаётларини сақлаб қолиш учун уйларини, бор-будини ташлаб чиқиб кетган ҳамюртларимизга бундай ёрдам жуда зарур эди.
Сахийлик ва хайр-саховат
Акциядан ижтимоий тармоқлар орқали дарак топган сахий инсонлар озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, гигиена воситаларини келтиришди. Волонтёрлар ҳам фаоллик кўрсатишди: санитария-гигиена қоидалари ва талабларига амал қилган ҳолда олиб келинган буюмларни саралаб, юклашга ва ўз манзилига етказишга ёрдам беришди. Масалан, “Sherzod Soip Biznes” хусусий компанияси инсонпарварлик юкларини талофат кўрган ҳудудларга бевосита етказиб берилишида кўмаклашди.
Жараёндан тадбиркорлик субъектлари ҳам четда қолмади. Масалан, “TONY Uzbekistan” тўқимачилик корхонаси 1 000 та футболка, Ўзбекистон мебель ва ёғочни қайта ишлаш саноати Ассоциацияси хонадон учун мебель жиҳозлари, “S.Y.R Forwarders Ltd” транспорт компанияси 5,2 миллион сўмлик гигиена воситаларини хайрия қилди.
Ушбу акцияни қатор ташкилотлар, хусусан, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма, Шодиев халқаро фонди, KOICA агентлиги, “KRKA” (Словения) халқаро фармацевтик компанияси, “Эзгу мақсад” хайрия жамғармаси, OU7 жамғармаси, Ўзбек-турк тадбиркорлари ассоциацияси, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамғармаси, спорт федерациялари ва бошқалар ҳам қўллаб-қувватлади.
Харажатларда очиқлик ва шаффофлик
Акция доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг махсус ҳисоб рақами очилди. Ўтган вақт мобайнида ҳисоб рақамига 560 миллион сўмдан зиёд маблағ келиб тушди. Пул маблағларининг йиғилиши ва сарфланиши бўйича шаффофликни таъминлаш мақсадида жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакилларидан иборат Махсус комиссия тузилди. Комиссия олдига жабрланган оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш вазифаси қўйилди.
Акция ташаббускорлари комиссия аъзолари билан ҳамкорликда ҳодиса жойига борди, вазиятни ўрганди, Сардоба, Оқолтин ва Мирзарбод туманларидаги бир неча маҳаллалар аҳолиси билан учрашилди. Фуқаролар билан учрашувлар натижасида 100 дан ортиқ эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилди. Улардан энг муҳтожлари саралаб олинди. Айрим оилаларда ногиронлиги бор шахслар ёки сурункали касалликлар билан оғрийдиганлари мавжудлиги, баъзилари уй олмоқчи ёки тошқинда мулкидан айрилгани, яна айримларининг оила боқувчиси йўқлиги маълум бўлди, фарзандларининг институтда ўқиши учун контракт тўловини тўлашга ёрдам сўраганлар ҳам бўлди.
Моддий ва манзилли ёрдам
Акция ташкилотчиларининг 17 июль куни Сирдарё вилоятига қилинган ташрифи давомида 24 нафар фуқарога 5 миллион сўм маблағи бўлган пластик карталар топширилди. Уларнинг аксар қисми фожиадан аввал уй олган, аммо тошқин вақтида мулкларига зиён етган, баъзилари — ногиронлиги бор шахслар боқувчиси бўлмаса ҳам вояга етмаган фарзандларини тарбияламоқда. Яна 12 нафар фуқарога 3 миллион сўм маблағи бўлган пластик карталар топширилди. Уларнинг хонадонлари тошқинда вайрон бўлган, давлат томонидан уйларини тиклаб олишлари учун 40 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. Қийин аҳволга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, қарамоғида ногирон болалари бўлган оилалар моддий ёрдам сўраган. Олти кишига ногиронлик аравачалари берилди. 90 дан зиёд оилага Ўзбекистон мебель ва ёғочни қайта ишлаш саноати Ассоциацияси аъзолари ва бошқа ҳомийлар томонидан мебеллар жамланмаси топширилди.
8 сентябрдан 10 сентябрга қадар акциянинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Тўпланган пул маблағлари Комиссия қарори билан тошқиндан зарар кўрган ва ҳозирги кунда шароити оғир бўлиб, моддий ёрдам сўраган фуқароларга тегишлилигича тақсимланди. Сирдарё вилоятидаги Президент Халқ қабулхонаси мутахассислари иштирокида фуқаролар мурожаатлари асосида ногирон болалари бор 100 дан зиёд оиланинг рўйхати шакллантирилди. Улардан уйда таълим олувчи 47 нафар ногирон болаларга компьютер жамланмаси, яна 10 нафарига ўқув мебели, 2 нафарига ногиронлик аравачаси берилди. Шунингдек, эҳтиёжмандларга велосипед, рассомчилик тўплами, спорт тренажери, электропечка, эшитиш мосламаси каби буюмлар ҳам тақдим этилди.
Бундан ташқари, Оқолтин туманидаги (1-сонли мактаб), Сардоба туманидаги (14-сонли мактаб) ва Мирзаобод туманидаги (1-сонли мактаб) мактаб кутубхоналарига ўзбек ва жаҳон адабиётларидан иборат китоблар тўплами сотиб олинди ва тақдим этилди. Жами 2 928 та китобларга 40 миллион сўм сарфланди.
Яқин кунларда ногирон болаларни тарбиялаётган яна 42 оилага 2 миллион сўм, 33 та муҳтож оилага 3 миллион сўм маблағи бор пластик карталар етказилади.
Ушбу хайрия акцияси ўзбекистонликларнинг нақадар бағри кенг, мурувватли эканини яна бир бор исботлади — халқимиз пандемия шароитидаги қийин вазиятга қарамай сирдарёликларга ёрдам қўлини чўзди.
Адлия вазирлиги ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу жараёнларга бефарқ бўлмаган барча инсонларга, ташкилотларга ҳамда фаол фуқароларга миннатдорлик билдиради!
05.05.2021