Тинчлик, осойишталик, бугунги ёруғ ва саодатли кунлар учун кўрсатилган матонат ҳамда фидойилик эса асло унутилмайди. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшган. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи ҳалок бўлди.
Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони қонли жанггоҳларда ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда Наманган вилоятида фашизм устидан қозонилган ғалабага салмоқли ҳисса қўшган 23 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси умргузаронлик қилмоқда.
Наманган шаҳридаги Ҳақиқат маҳалласида яшовчи Шарифбой Нуриддинов ҳам фахрий нуронийлардан бири.
1942 йилда урушга отланган Шарифбой ота даставвал, Ворошиловград ва Севастополда ўқчи-миномётчи сифатида хизмат олиб боради. Орадан бир йил ўтиб, душман минаси портлаши оқибатида оёғидан жиддий жароҳат олади. Уруш майдонида ҳарбий врач Морозов кўмагида жарроҳлик амалиётини ўтказиб, узоқ вақт госпиталда даволанади. Аммо саломатлигидаги муаммолар сабабли урушдан қайтишга мажбур бўлади.
Шарифбой ота урушдан қайтгач, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида кўп йиллар самарали меҳнат қилди. Бугунги кунда салкам юзга кирган фахрийнинг тўққиз нафар фарзанди, 20 нафардан ортиқ набира, 50 дан зиёд эвара ва чевара даврасида давру даврон сурмоқда.
9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими ташаббуси билан, Шарифбой Нуриддинов истиқомат қилаётган хонадон таъмирлаб берилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва эсдалик совғалари топширилди.
– Ҳар йили биз уруш қатнашчиларига юксак эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Айниқса, 12 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотининг ажратилиши жамиятимизга керакли инсонлар қаторида қадримизни баланд тутиш, саломатлигимизни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим кўмакдир, — дейди Шарифбой ота Нуриддинов. – Байрам арафасида “Маҳалла” фонди ходимлари хонадонимга ўзлари билан бирга уй таъмирловчи усталарни олиб келиб, кўнглимни кўтарди.
Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги арафасида барча Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига озиқ-овқатлар ва фонд қошидаги “Маҳалла ифтихори” унитар корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар берилмоқда.
“Маҳалла” фонди
матбуот хизмати
04.05.2021