"Кексалари қадрланган юрт" Меҳнат фахрийларига байрам совғалари топширилди. Мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар онахонлар кайфиятига кўтаринкилик бахш этди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви ташаббуси билан Навоий шаҳар ҳокимлиги ва Навоий шаҳридаги ҳарбий қисм ҳамкорлигида “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” ҳамда “Эътибор ва ғамғўрлик инсоний бурч” шиори остида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда сана муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. 

Дастлаб “Маҳалла” фонди ходимлари ва жамоатчилик вакиллари умумтаълим мактаблари ўқувчилари билан биргаликда иккинчи жаҳон уруши фронт орти меҳнат фахрийлари – “Орзу” МФЙда истиқомат қилувчи Нина Никитина ҳамда “Бунёдкор” МФЙда истиқомат қилувчи Апполина Филатова хонадонларига ташриф буюрди.  

Бугун дориломон кунларга шукрона айтаётган онахонлар уруш йилларини эслаб, ўша даврдаги қилинган мардонавор ишлар ҳақида гапириб, бугуннинг қадрига етиш, Она Ватанни асраб-авайлаш, юртимизни ҳар томонлама юксалишига ҳисса қўшиш ҳар бир ёшнинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади.  

– Бу каби байрам тадбирлари нафақат тарих ва хотира, балки ота-боболаримиз жасоратини тарғиб қилиш ва шу жасоратлар ибратида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Фонд вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Кексаларимиз қадрига етиб, ҳурматлашимиз ва уларга доимо ғамхўрлик кўрсатиш қон-қонимизга сингиб кетган азалий қадриятларимиздан биридир. Ватанни севиш, тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни асраш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Шаҳар марказидаги “Ватанпарвар” боғида ҳарбий қисм аскарлари ва ёшлар иштирокида ҳарбий техникалар, иккинчи жаҳон уруши жараёнларини ўзида акс эттирган композициялар намойиши бўлиб ўтди.  

Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан жойларда маърифий-ватанпарварлик тадбирлари давом этмоқда.

“Маҳалла” фонди

матбуот хизмати

04.05.2021