Юртимизда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Албатта, бунда Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини ўтамоқда. – Фармонда соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган бўлиб, фондимиз томонидан доимий равишда спортнинг барча йўналишлари бўйича турли мусобақалар ташкил этиб келинмоқда, – дейди фонднинг вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Айниқса, оммавий спортни ривожлантириш бўйича меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Бугунги ташкил этилаётган мусобақа ҳам ана шундай тадбирларимиздан биридир. Албатта, спорт билан мунтазам шуғулланиш инсонни чиниқтиради, ақлини ривожлантиради ва иш самарадорлигининг ошишига олиб келади.
Дастлаб тадбир иштирокчилари Навоий олимпия захиралари коллежида ташкил этилган “Олимпия шон-шуҳрати музейи”га ташриф буюрди. Музейда коллеж ўқувчилари томонидан спорт мусобақаларида эришилган ютуқлар, Осиё, Жаҳон чемпионатлари, Олимпияда ўйинларида спортчилар томонидан қўлга киритилган ютуқлар жой олган. Фонд ходимларидан тузилган жамоалар спортнинг мини футбол ва волейбол, ходимлар эса спорт тенниси бўйича ўзаро мусобақалашди. Дўстона ва қизғин курашларга бой тарзда ўтган мусобақа сўнгида барча ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчилар Фонд вилоят бўлимининг “Диплом” ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Маҳалла” фонди
матбуот хизмати
27.04.2021