“Саховат ва кўмак“ карвони йўлга чиқди

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати сурхондарёлик ёшларни ҳам фаолликка ундади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Ёшлар — келажагимиз“ жамғармасидан кредит олиб ўз фаолиятини ривожлантираётган ёш тадбиркор ташаббуси билан “Саховат ва кўмак“ карвони уюштирилди. Бу хайрия тадбири орқали 1000 эҳтиёжманд оилага 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади.

Бугун хайрия ёрдами орттирилган автомашиналар карвони Ёшлар марказидан Термиз шаҳри ва барча туманларга йўл олди.

- Ёшлар ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Сенатор ва депутатлар ҳам сафимизга қўшилганларидан мамнунмиз. Улар ҳамроҳлигида уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ва кам таъминланган, кўмакка муҳтож оилалар хонадонида бўлиб, хайрия ёрдамларини улашдик,- дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шерзод Олимов.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти бўйича ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали тадбиркорлар ҳамда кўнгиллилар томонидан 12 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага 1,6 млрд. сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилди. Ҳозирда ушбу марказларда 42 тонна захира озиқ-овқат маҳсулотлари мавжуд.

Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида вилоятдаги тадбиркорлар, ташкилот ва корхоналар ишчилари ҳамда фуқаролар томонидан қарийб 3,1 млрд. сўм маблағ жамғарилди.

Илҳом Раҳматов,(“Халқ сўзи“)

01.05.2020