Юз билан юзлашган Яҳё бобо Шарипов 18 ёшида жангларда иштирок этган

Сталинград учун кечган қақшатқич жангларда алоҳида фидойилик кўрсатиб, қўмондонлик томонидан рағбатлантирилди.  

Аммо ўқ, снаряд ва бомбалар ёмғири остида кечган ўша машъум, беаёв жангда оёғидан оғир яраланиб, госпиталга тушди. Дала госпиталида, Яҳё бобонинг оёқ суягига душман снаряди текканлиги сабаб, қорасон (гангрена) танага ўтиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида врачлар, уни бир оёғини кесиб ташлади...

Сўнгра Яҳё бобо 1943 йилнинг август ойида туғилиб ўсган она Ватани Ўзбекистонга қайтиб келди.  

Отахон жангларда кўрсатган кўплаб жасорати туфайли кўксини орден ва медалларга тўлдириб, Ватанига қайтгач, ўшандаги Ленин колхозида табелчи, шу колхозда 40 йил бухгалтер, кейин эса 10 йил темир йўл соҳасида фаолият юритди. Ҳалол топган ризқи, пешона тери эвазига фарзандларини камолга етказди. Бир этак набира, чевара ва эваралар кўрди. Бугун 99 ёшдан ошиб, 100 билан юзлашиш арафасидаги отахон фарзанду набиралари ардоғида ва доимий шифокорлар қаровида.  

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигида бир гуруҳ нуронийлар, ҳарбийлар ва ёшлар II Жаҳон уруши қатнашчиси Яҳё бобо Шарипов хонадонида бўлиб, уруш фахрийсининг ҳолидан хабар олди ва Президентимизнинг совғаларини топширди.

Дастлаб шифокорлар отахоннинг саломатлигини кўрикдан ўтказди.  

Вилоят ҳокими, Президентимизнинг II Жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан Яҳё бобо Шариповга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва уруш фахрийсига бир марталик пул мукофоти ва совғаларни топширди.  

Қизғин ўтган суҳбат чоғида Яҳё бобо оғир жангларни, фронтдан ярадор бўлиб қишлоғига қайтгандан сўнг кечган умрини хотирлади.

Отахон ҳозир кексайиб қолганлиги туфайли уруш хотираларини эслашга, сўзлашга бироз қийналади. Аммо “Уруш даҳшатларини биз кўрдик, сизлар кўрманглар, ҳаёт неъмати ҳар бир тирик мавжудот учун бирдек ширин ва азиз, буни бугунги ёшлар англаб етмоғи даркор,” дейди бобо.

Яҳё Шарипов бугунги кунда Гулистон туманидаги Сойибобод қишлоғида истиқомат қилади. Етмиш ёшни қоралаган ўғли Эҳсон аканинг сўзларига қараганда, маҳалла фаоллари, шифокорлар, туман жамоатчилиги бобонинг ҳолидан тез-тез хабардор бўлиб туришар экан.

Қизғин ўтган суҳбатдан сўнг Яҳё бобо юртга тинчлик, одамларга соғлиқ тилаб дуо қилди. 

Дарҳақиқат, бугунги тинч ва осойишта кунларга етишимизга, мустақил ва озод мамлакатда яшашимизга Яҳё бобо Шариповдек нуронийлар ўз ҳиссасини қўшган.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА

03.05.2021