Шунингдек, унда Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан уларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Бойсун туманида 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси истиқомат қилмоқда. Тумандаги Темир Дарвоза маҳалласида яшайдиган Шоҳимардон Ҳамроев жорий йилда юз ёш билан юзлашди. У 20 ёшида Иккинчи жаҳон урушига отланиб, 3-Белорус фронтининг артилллерия қисмларидан бирида хизматни бошлаган. Украина, Белоруссия, Пруссия ва Латвия, Эстония, Литва ҳамда Кенигсберг қалъасини душмандан озод этишда жасорат кўрсатган.
1945 йилда ўз она қишлоғи Дарбандга қайтиб келиб, 10-синфни битиргач, Душанбе педагогика институтида ўқиб, ҳаётини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлади. Тоғли тумандаги Авлод, Хўжабулғон, Мачай ва Дарбанд қишлоқларининг мактабларида ўқувчиларга сабоқ берди. Турмуш ўртоғи Ҳожар Абдураҳмонова билан 9 нафар фарзандни тарбиялаб, камолга етказди.
Жанглардаги жасорати учун қатор орден ва медаллар билан тақдирланган Шоҳимардон бобо урушдан кейинги йиллардаги хизмати учун Халқ маорифи аълочиси унвонига ҳам сазовар бўлди. Мустақиллик йиллари “Жасорат” медали ва Ғалабанинг 40, 50, 60, 65, 70 йиллик юбилей медаллари билан мукофотланди.
Тоғлар қўйнидаги Юқори Мачай маҳалласида тинч, тўкин умргузаронлик қилаётган Муҳаммади Олимов ўн етти ёшга тўлаётганида урушга жўнатилган. Икки ой Семипалатинск шаҳрида жангга тайёргарлик кўргач, уруш ўчоғига отланган.
Бу йил 95 ёшни қарши олган отахон Берлин остонасида бўлган жанглардан бирида чап қўлидан жароҳат олиб, ҳарбий госпиталда даволанган. Отахоннинг Ватан ҳимояси йўлидаги жасоратга тўла хизмати муносиб тақдирланган. 1945 йил август ойида фронтдан она қишлоғига қайтиб келиб, чўпонлик ва деҳқончилик касбларида меҳнат қилган. 1963-74 йилларда ҳозирги Музработ туманини ўзлаштиришда фаол иштирок этиб, чўлни боғу-бўстонга айлантиришга муносиб ҳисса қўшган. 1985 йилда яна Юқори Мачай қишлоғига кўчиб келиб, шу ерда яшамоқда. Пиру-бадавлат отахон беш ўғил ва тўрт қизни тарбиялаб, улғайтирди. Айни кунларда фарзандлари ва бир этак невара-чеваралар ардоғида.
Шу куни Иккинчи жаҳон урушида жасорат намуналарини кўрсатган сайроблик Жумақул бобо Қуллиев, Пулҳоким маҳалласида истиқомат қилаётган Дўсмат Муродов ва Кўлқамиш маҳалласида яшайдиган Тожи бобо Бозоровларнинг хонадонида ҳам худди шундай тадбирлар бўлиб ўтди.
Бундай тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати
03.05.2021