Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди ташаббуси билан Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Мурувват уйида ўтказилган хайр-саховат акцияси бунга ёрқин мисолдир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Кекса ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳаёт сифатини юксалтириш” давлат ижтимоий буюртмаси асосида ташкил этилган тадбирда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш шароитларини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан экани алоҳида таъкидланди. – Халқимизга хос бўлган ёлғиз, кам таъминланган кексалар, пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш истиқлол йилларида янада кенг қулоч ёйди, – дейди “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди бошқаруви раиси А.Мирзааҳмедов. – Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб номлангани ва шу асосда махсус Давлат дастури ишлаб чиқилгани бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлди. Хусусан, ўтказилаётган бундай хайрия тадбирлари давомида вилоятларда жойлашган Мурувват уйларида яшаётган кекса ва ногиронлар кундалик зарур анжомлар, шахсий гигиена воситалари, кийим-кечак ва поябзал билан таъминланмоқда. Уларга яхши кайфият улашиш мақсадида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилаётир. Мазкур Мурувват уйида имконияти чекланган аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳаёт даражасини юксалтириш учун барча шароит яратилган. 6 нафар малакали шифокор, 20 дан зиёд ўрта тиббиёт ходими уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Тадбир доирасида Мурувват уйига Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди томонидан 31 миллион сўмлик хайрия ёрдами топширилди. Санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
29.04.2021