Оилавий муносабатнинг қонун билан ҳимояланиши Ўзбекистон Конституциясида, Оила кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган.
Конституциямизнинг 63-моддасида «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади», деб тасдиқланган.
Ўзбекистонда оиладаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида Оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Қарорда 15 май ҳар йили Халқаро оила куни сифатида республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилган. Президентимиз қарорига кўра, қуйидагилар оила институтини мустаҳкамлаш бўйича асосий йўналишлар этиб белгиланган:
-оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш;
-замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;
-демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш;
-оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш;
-оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш.
Юртимизда оилани мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар халқаро ҳамжамиятда юксак эътирофларга сазовор бўлаётгани ҳам бежиз эмас. Қонунчилигимизга назар солар эканмиз, оилага катта эътибор берилгани, жумладан, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва бурчлари, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалаларига урғу бериб ўтилганини кўриш мумкин.
Ўзбекистонда, шу билан бирга, ёш оилалар учун қурилаётган замон талабларига тўла жавоб берадиган уйлар, уларга берилаётган узоқ муддатга имтиёзли кредитлар оила институтига қаратилаётган катта эътиборнинг яна бир тасдиғидир.
Дунё ахборот агентлиги
15.05.2021