Имом-хатиблар ташаббуси билан 16 минг эҳтиёжманд оилага 4 миллиард сўмлик хайрия қилинди

Рамазон ойининг ўтган икки ҳафтаси давомида имом-хатиблар ташаббуси билан 16 минг эҳтиёжманд оилага 4 миллиард сўмлик хайрия қилинган.

«Рамазон – тоат-ибодат ойи бўлиши билан бирга саховат ойи ҳамдир. Бу пайтда мўмин-мусулмон халқимиз хайрия ишларига янада кўпроқ эътибор беради. Имом домлалар ҳам бу ойда саховатпеша инсонларни эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатишга тарғиб қилади, ҳожатбарорларга бериладиган ажр-у мукофотлар хушхабарини улашади. Рамазон ойида икки ҳафта давомида республикамиз бўйича 16 мингдан кўпроқ оилага 4 миллиард уч юз миллиондан ортиқ моддий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, икки миллиард етти юз миллиондан ошиқ озиқ-овқат маҳсулотлари, уч юз миллионга яқин уй-рўзғор буюмлари, бир миллиарддан ортиқ кийим-кечак каби бошқа турдаги маҳсулотлар, уч юз миллионга яқин нақд пул берилди. Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир» (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ояти каримадаги биринчи яхшиликни бандалар қилади. Унинг ичига барча эзгу ишлар киради. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларга берадиган жаннатдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир». Имом Аҳмад ва «Сунан» соҳибларининг баъзиларидан қилинган ривоятда: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, у учун у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолатда бўлади (ёзилади)», деганлар. Муқаддас ойнинг дастлабки ҳафтасида, имом-хатиблар ташаббуси билан қарийб 2 миллиард сўм хайрия қилинган эди», дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотида.

Kun.uz матбуот хизмати

30.04.2021